> Мактабнинг ташкил этилиши тарихи

Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби — Миллий кадрлар бешиги
(тарихдан келажак сари)
 
       Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг ташкил этилиш тарихи узоқ 1927 йилга бориб тақалади.
           1927 йил Тошкентда 4 йиллик мусиқа мактаби очилади .
Тошкент халқ консерваторияси (Хамза номидаги Республика Давлат мусиқа билим юрти) қошида ташкил қилинган ўзбек мусиқа техникуми хузирида 4 йиллик  Республика мусиқа мактаби очилган. "Нарком прос” тасарруфида бўлган ушбу мактабда 2 та: фортепиано ва камонли торли бўлим мавжуд эди.
            1936 йилдан у етти йиллик мусиқа мактабига айлантирилади.
            1947 йилдан эса Ўн йиллик мусиқа мактаби ташкил топади.
            1950 йилда ўн йиллик мусиқа мактабининг биринчи қалдирғочлари  мактабни битириб чиқдилар.
          1955 йил мусиқа мактаби таркибида умумтаълим ўн йиллик синфлари ҳам очилади. Шу йиллари мусиқа мактаб билан яқиндан алоқада бўлган композитор ва давлат арбоби Рейнгольд Морицевич Глиэр Ўзбекистон хукумати бошлиғи Усмон Юсуповга хат билан мурожаат қилиб миллий  кадрларни тайёрлашда ўн йиллик мусиқа мактабини ўрнини кўрсатган ҳолда, бу мактабни ўн йиллик мусиқа мактаб-интернатига айлантириш таклифи билан чиқади. Бу таклиф 1960 йил ижобий ҳал қилинади ва Талабалар шахарчасида хукумат қарори билан Р.Глиэр номидаги мусиқа мактаб интернати очилади.
        1988 йилдан эса Тошкент давлат консерваторияси қошидаги Р.Глиэр номидаги 11 йиллик махсус мусиқа мактаб интернатига айлантирилади.
        2002 йил 16 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг №315-сонли қарорига биноан Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа академик лицейи мақоми берилиб "Таълим тўғрисидаги Қонун” ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талаблари, янги  Давлат  таълим стандартлари даражасида  мусиқа ихтисослиги бўйича  ўрта махсус билимига эга бўлган кадрларни тайёрлашга замин яратилди.
      2008 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 июлдаги №910-сонли қарорига асосан Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи мақоми берилди.
      2020 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”  26 майдаги ПФ-6000-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият Вазирининг 2020 йил 2 сентябрдаги №286-сонли буйруғига асосан Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабига айлантирилди.
        Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўз тарихи давомида минглаб мусиқа ижрочилари етиштириб чиқарди. Булар орасида 60 та Ўзбекистон Республикаси  халқ  артистлари, Ўзбекистон  Республикаси санъат  арбоблари,  Ўзбекистон Республикасида  хизмат  кўрсатган  артистлар, Ўзбекистонда  хизмат  кўрсатган  ёшлар мураббийлари, Профессорлар, "Дўстлик”, "Соғлом авлод” ордени ва "Шуҳрат” медали соҳиблари, "Зульфия” ва "Ниҳол”  Давлат  мукофоти  соҳиблари бор.
                              Бугунги кунда таълим муассасамизда 8 та бўлим мавжуд бўлиб,
      Махсус фортепиано                            
      Камонли ва торли чолғулар
      Дамли ва зарбли чолғулар
      Ўзбек халқ чолғулари
      Анъанавий ижрочилик
      Эстрада ижрочилиги
      Академик хонандалик
      Хор дирижёрлиги йўналишларида жами 987 нафар ўқувчилар Тошкент шаҳри ва вилоятларидан келиб ўқимоқдалар.

       Бундан 56 нафари лицей  (2-босқич) ўқувчилари, 859 нафари мактаб (1-10-синфлар) ўқувчилари.
      Таълим муассасасининг ўқувчилари кўпгина давлатларда бўлиб ўтган Нуфузли Халқаро ва Республика танловларда совринли ўринларни эгаллаб келишмоқдалар. 2018-2020 йиллар мобайнида 140 нафар Халқаро, 35 нафар Республика танловларида юқори ўринларни қўлга киритганлар.
         Ушбу ўқув масканини битирганлар хозирги кунда Ўзбекистоннинг ҳамда Халқаро миқёсдаги мусиқа ўқув муассасаларида, театр ва концерт ташкилотларида фаолият олиб келмоқдалар.

 



Orqaga qaytish